Тошкент тиббиёт академияси 3-сонли талабалар уйининг нуфузи илгари ҳам анча баланд эди. Ҳали академиядан ном-нишон ҳам бўлмаган пайтларда, Тошкент тиббиёт институти бўлган. Ўшанда мазкур тўққиз қаватли бинода фақат хорижий талабалар истиқомат қилишган.
Африка, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ мамлакатлари, Ҳиндистон ва ўша пайтда Совет Иттифоқининг ёрдами теккан барча давлатлардаги ёшлар шифокорлик илмини ўрганиш учун Тошкентга келишган. Бу ерда арабча сўзлашувни, океан орти мусиқасини эшитиш мумкин эди. Тиббиёт шаҳарчасидан ТошМИ клиникасига олиб борувчи кичик кўчада эса, кечки пайтларда сари кийган қизлар сайрга чиқардилар.
СССР қулаганидан сўнг хорижий талабаларнинг Тошкентга келиши ҳам камайди. Бино бир неча йиллар давомида бўшаб қолди. 2005 йилда Тошкет тиббиёт академияси ташкил этилди. Яқин пайтгача Россия, Исроил, Қозоғистон, Афғонистон, Туркманистон, Украина, Озарбайжон ва Эрондан келган талабалар ушбу таълим даргоҳида таҳсил олганлар. Ўтган йили бу ерга тожикистонлик абитуриент Эрназар Хусанов ҳам кириш имтиҳонларини муваффақиятли топширди.