Ҳудудий иқтисодий алоқаларнинг асрлар оша йўлга қўйилган шаклларидан бири бўлган чегара савдосининг нечоғлик муҳим эканини иқтисоддан анча узоқ бўлган кишига ҳам тушунтириш шарт эмас. Айниқса бозор маданиятининг бир қисми, мулоқот қилиш жойи ва жамиятдаги кайфиятларнинг ва албатта иқтисодий вазиятнинг ўзига хос барометри бўлмиш Шарқда чегара савдо-сотиғи ниҳоятда аҳамиятли.
Чегаралар ёпилганида, Суғд вилояти бозорлари ва дўкон пештахталари бўшаб қолган эди, десак хато бўлади. Бироқ, ушбу ҳудуднинг географик жойлашуви шундайки, қўшни Ўзбекистондан товар олиб келишга қараганда Душанбедан маҳсулот олиб келиш анча қийин. Айниқса, қишда, кўчкилар туфайли кўпинча довонни ёпиб қўйишганида бу жараён янада мураккаблашади.
Шундай бўлсада, ҳатто "совуқ уруш" йилларида ҳам чегарадан кечаси яширинча товар олиб ўтган довюрак инсонлар бўлган. Одатда бундай ишлар билан аёллар шуғулланганлар. Улар 10-15 нафар бўлиб тўпланган ҳолда, тунги соат 2-3 ларда таваккал қилиб, "тепалик ортига" отланганлар.