"Барча бахтли оилалар бир-бирига ўхшаб кетади, ҳар бир бахтсиз оила ўзича бахтсиз", деб ёзган эди бир ярим аср олдин машҳур рус адиби. Ўшандан буён ўтган вақт давомида бу машҳур ибора қисман ақидага ҳам айланди. Бироқ бизнинг ҳолатимизда бунинг акси бўлди. Бизнинг қаҳрамонимиз такси ҳайдовчиси Ўктам ўз йўловчиларидан бир-бирига ўхшайдиган ўнлаб ҳикоялар эшитган. Ва булар бахтли оилалар эмасди.
СССР йилларида иттифоқ республикалари ўртасидаги чегаралар хаёлий бўлган, ўзбеклар ва тожиклар ёнма-ён яшашган, қиз бериб қиз олган пайтлар... чегаралар ёпилганидан сўнг, унинг икки томонидан юзлаб оилалар қолди. Сиёсатчилар оталарни фарзандидан, севишганларни, эр-хотинлар ва ҳатто фарзандларни ҳам ажратишди. Кўплаб ёш оилалар юзага келган вазиятнинг асирига айландилар. Келин куёвникига боролмайдиган, ёки аксинча, улар бирга бўлгач, уйга қайтолмай қолдилар – бунинг учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва шу каби бошқа амаллар бажарилиши талаб этилди. Кўпчилик қариндошлар учун бир неча километр нарига тўйга бориш эса, умумаан имконсиз масалага айланди. Кимдир ойлаб визасини кутар, кимдир чегарадан ноқонуний ўтишга уриниб кўрарди.
Шу боис, оддий одамлар биринчи навбатда, оилаларнинг бирлашганини чегараларнинг очилиши ва икки мамлакат муносабатлари ўртасидаги "яқинлашув"нинг энг асосий афзалликларидан бири деб атайдилар.