Ўктам Хўжаев 40 йилдан буён таксичилик қилади, инсонларни чегарага олиб боради ва у ердан олиб қайтади. Совет йилларида у мижозларни Ўзбекистон шаҳарларига ҳам олиб юрган, чунки ўшанда чегаралар фақат қоғозда эди-да. Кейин эса, улар имконсиз ҳақиқатга айланди.
У шу йиллар давомида кўп нарсани кўрди: уруш, эркаклар кўзида ёш, назорат-ўтказиш пунктида ҳушидан кетган аёллар, нариги томонга яқинлари олдига ўтказиб юборишларини қор ва ёмғир остида соатлаб кутган чегарадаги инсонлар – буларнинг бари унинг кўз ўнгида бўлган.
Ўша оғир пайтларда у мижозларни соатлаб кутган бўлса, ҳозир унда тиним йўқ. Чегара ва чегара ортида сиёсатлардан чарчаган қон-қариндошлар, талабалар, операцияси фақат Ўзбекистонда қилиниши мумкин бўлган беморлар жам бўлишган.
Унинг "Опел" русумли машинаси бир кунда юзлаб километр йўл босяпти.
Ўктам камгап одам, бироқ эшитишни билади. Сўнгги 20 йил ичида у ўз йўловчиларидан шунчалик кўп воқеа эшитганки, улардан ўзбек-тожик муносабатлари, аниқроғи, энг оғир даврлар ва яқиндагина юз бериб, минглаб инсонлар ҳаётини яхши томонга ўзгартирган илиқлик ҳақида бутун бошли китоб ёзиши мумкин эди, эҳтимол.